Арихоналарда жамғарилган асалли ромлар бўлмаса ёки табиатда шарбат ажратувчи ўсимликлар ҳали гулламаган бўлса, у ҳолда ари оилаларига шакар шарбати тайёрлаб берилади. Шарбатнинг 2 қисми шакар ва 3 қисми сувдан иборат бўлади. Қўшиладиган сув сирли ёки шунга ўхшаш идишда қайнаш даражасига етгунча иситилади. Сўнг сув оловдан олиниб, унга ўлчанган шакар қўшилиб, таёқча ёрдамида тўлиқ эригунча аралаштирилади.
Кузда ариларнинг озиғини тўлдириш вақтида шакар шарбати 1 литр ариқ ёки ёмғир сувига 1,5 кг шакар қўшиб тайёрланади. Шарбатнинг ҳарорати 35-40 градусгача пасайгандан кейин ариларга берилади. Мана шундай йўл билан шакар шарбати тайёрланганда арилар мураккаб шакарни оддий шакарга осон парчалай олади. Шунда берилган миқдордаги шакар ўшанча миқдорда шакар асалига айланади. Шакар шарбатини ариларга оиланинг озиқ миқдори тўлгунча берилади. Оилага берилаётган шарбатни ари оиласининг кучига қараб 200; 250; 500; 1000 мл.дан 2-3 литргача бериш мумкин.
Асалариларнинг арихонага камроқ кириши учун шакар шарбатини кечқурун арилар учишни тўхтатгандан кейин берган маъқул.
Тажрибаларнинг кўрсатишича, шарбатга кобальт микроэлементи қўшиб берилса, оилада личинкаларнинг ривожланиши ва кўпайиши ортади. Шунинг учун 1 грамм хлорли кобальт 30 литр шакар шарбатига ёки 1 г кулранг нордон кобальтини 25 л шакар шарбатига ёки сувга қўшиб берилса, ари оиласи асосий шарбат ажратувчи ўсимликлар гуллагунча катта кучга эга бўлади ва кўп маҳсулот тўплайди.
Манба: «Асаларичиликни ривожлантириш асослари», Қаҳрамонов Б.А., Исамуҳаммедов А.И., Балласов У.Ш.
[print-me]