Нўхат экиш ва парваришлаш бўйича тавсиялар

Нўхат – дуккаклилар оиласига мансуб бир йиллик дуккакли дон экини. Унинг 30 дан ортиқ тури бўлиб, улар асосан Евросиё, Шимолий ва Шарқий Африкада учрайди.

Нўхат ғовак, қумоқ, енгил шўрланган тупроқли ерларга экилади. Қора, бўз, каштан тупроқларда мўл ҳосил беради. Нўхат иссиқсевар, ёруғсевар, баҳорги экин. Бошқа дуккакли экинларга нисбатан қурғоқчилик ва шўрга чидамли. Уруғи 2-5 °C ҳароратда униб чиқади, паст ҳароратда секин ўсади. Майсаси баҳорги -6°C дан -8°C гача совуқларга чидайди. Нўхат гуллаш ва меваси шаклланиш даврида иссиқликка талабчан бўлади. Намлик меъёрдан ортиқ бўлса касалланади, шона ва гули тўкилади.

Нўхат лалмикорликда текис-тепалик минтақада феврал ойи ва мартнинг биринчи ўн кунлигида, тоғли ва тоғ-олди минтақасида февралнинг охирги ўн кунлиги ва март нўхат экиш учун энг мақбул муддат. Лалмикорликда эрта, энг оптимал муддатларда экилган нўхат мўл, сифатли уруғ ҳосили беради. Экишни кечиктириш ҳосилдорликнинг пасайишига олиб келади.

Баҳор совуқ ва сернам келганда нўхат аскохитоз билан касалланиши мумкин. Шунинг учун бундай нўхат текис- тепаликларда мартнинг иккинчи ярими ва апрелнинг биринчи ўн кунлигида, тоғли минтақада апрелнинг биринчи яримида экилади.

Ўзбекистонда нўхатнинг асосан Зимистоний, Лаззат, Ўзбекистон32, Юлдуз навлари экилади.

Нўхат ўзидан чангланади. Ўсув даври 70-190 кунни ташкил этади. Нўхат донидан ёрма, ҳар хил таомлар, қандолат маҳсулоти тайёрланади. Унидан нон ёпилади (буғдой унига 20% қўшилади), суррогат кофе ишлаб чиқарилади. Нўхат буғдой ва ғўза учун яхши ўтмишдош ҳисобланади.

Нўхатлар Ўзбекистоннинг лалми ерларида 6-8 с/га, суғориладиган ерларда 22-32 с/га ҳосил беради. Нўхат кенг қаторлаб экилганда – қатор ораси 45-60 см ёки ёппасига қаторлаб экилганда, қатор ораси 15 см бўлади, баъзан эса сепма усулида экилади. Экиш усулига ва нав биологияси ва морфологиясига қараб 150-200 кг/га уруғ сарфланади.

Ўзбекистонда аксарият лалми ерларда экилади. Суғориладиган ерларда қатор ораси 1-2 марта култивация қилинади. Нўхат кам суғорилади. Гуллаш даврида сувни кам меъёрда бериш яхши натижа беради. Тўлиқ пишганда барги тўкилади, дуккаги деярли чатнамайди, ҳосили дон комбайнларида йиғиб олинади. Шунингдек, қўл кучи ёрдамида пояси билан ўриб олинади ҳамда дала шароитида ёки махсус майдонларга келтирилиб, янчилади.

Манба: mirishkor.uz

[print-me]

Related posts

Ғалла ҳосилини йиғиб олишда нобудгарчиликни олдини олиш бўйича тавсиялар

Қовун зараркунандалари ва уларга қарши курашиш

Салат барги етиштириш бўйича тавсиялар