Мотоблок қандай танланади?

Баҳор фасли келиб, кунлар исиши билан деҳқончилик ишлари ҳам бошланиб кетади. Барча соҳаларга янги технологиялар жадал кириб келмоқда. Деҳқончилик соҳасида ҳам меҳнаткаш деҳқонларимиз ишини енгиллатиб берувчи мотоблоклар юртимизда оммалашмоқда. Мотоблок ҳақиқий трактордан биринчи ўринда нархи арзонлиги, ўлчамлари ихчамлиги ва иқтисодий самарадорлиги юқорилиги билан ажралиб туради.

Юртимизда етказиб берилаётган мотоблок ишлаб чиқарувчилари асосан Хитой давлати корхоналари:

  • Chengyang;
  • Weifang;
  • Tiguan.

Мотоблок – ерни қайта ишловчи, экин экувчи, ариқ очувчи ихчам деҳқончилик техникаси, уни мини трактор билан солиштириш мумкин. Мотоблок 2 та ғилдиракка эга бўлади, айрим турларида 3-бошқаришга ёрдам берувчи ғилдиракчани учратиш мумкин. Техникадан асосан катта экин майдонларини қайта ишлаш учун фойдаланилади, бунда инсон кучи ва вақт сарфини анчагина тежашга эришилади.

Мотоблок ишлаш принципи двигателнинг айланма ҳаракатини ғилиракларга беришига асосланган. Қўшимча ускуналарни айланувчи қисмга улаш мумкин. Мотоблокни бошқариш ўрнатилган дастак орқали амалга оширилади, бу дастакда тормоз, тезликни ўзгартирувчи тугмалар ўрин олган.

Двигател турига қараб фарқланиши:

1) Бензин двигателли мотоблоклар ишлашида паст шовқин солиши ва кучсиз вибрацияси билан ажралиб туради. Улар тез ва яхши ишлайди, аммо ёқилғи сарфи юқори бўлади. Уларни кичик майдонлардаги экинни қайта ишлаш учун ишлатиш мақсадга мувофиқ.

2) Дизель двигателли мотоблоклар кучли тортиш қуввати билан мақтана олади. Солярка ёқилғиси бензиндан кўра камроқ сарф бўлади. Аммо мотоблокнинг баланд шовқин солиб, бошқарувчига кучли вибрация беради. Бундай техникани катта далаларда ишлатиш ўринли.

Ерни ҳайдаш кенглигига кўра турлади:

1) 60-70 см ҳайдаш кенглигига эга мотоблоклар кичик ҳовли томорқасида ёки тиғизроқ экилган сабзавотларни экиш, қайта ишлаш учун қулай ҳисобланади;

2) 80-130 см ҳайдаш кенглигига эга мотоблоклар катта майдонларни ҳайдаш учун, фермер хўжаликлари учун маъқул танлов бўлади.

Мотоблок тезлигига кўра фарқланиши:

1) 2 олдинга ва 1 орқага юриш тезлиги;

2) 2 ҳар томонга юриш тезлиги;

3) 4 олдинга ва 2 орқага юриш тезлиги.

Тезлиги кўп бўлган мотоблоклар арава қўшиб экинларни ташишда қўлланилади. Ҳар хил турдаги ерларни қайта ишлаш учун тезлик турлари кўп бўлиши қўл келади. Орқага юриш тезлиги энсиз, айланиб олиш имконияти йўқ жойларда ишлатилади.

Мотоблокларнинг нархлари:

Пойтахтимиз бозорларида мотоблокларнинг нархлари 6 миллион сўмдан бошланиб, двигател от кучига қараб 15 миллион сўмгача бориб етади. Дизель двигателли турлари бензинлиларига қараганда қимматроқ бўлади (фарқи 1-2 миллион сўм). Бозорлардан мотоблокка қўшиб қўшимча анжомларни ҳам сотиб олиш мумкин.

Шундай қилиб мотоблок сотиб олмоқчи бўлсангиз авваламбор экин майдонингиз кенглигига, қандай ёнилғи тури маъқуллигига ва бюджетингиз имкониятига қараб иш кўринг.

Related posts

Ғалла ҳосилини йиғиб олишда нобудгарчиликни олдини олиш бўйича тавсиялар

Қовун зараркунандалари ва уларга қарши курашиш

Салат барги етиштириш бўйича тавсиялар