Юртимиз иқлим шароити қишлоқ хўжалиги экинларини йил бўйи экиб, бир йилда 2–3 марта ҳосил олиш имконини беради. Шу боис суғориладиган ерларда кузги бошоқли дон экинлари ҳосили йиғиштирилиб олингач, такрорий экин сифатида мош етиштириш самаралидир. Республикамизда ҳар йили мош такрорий экин сифатида 18–20 минг гектардан ортиқ майдонда етиштирилади.
Мош озиқалик қиймати билан буғдой, ловия, нўхат, кўк нўхат ва жавдар донларидан 1,5–2 баравар, тўйимлилиги бўйича эса 1,5 баравар устун туради. Таркибидаги оқсилнинг ҳазмланиши 86 фоизга етади. Экин вегетация даврида тупроқда 50–100 кг/га биологик азот ва органик моддалар тўплаб, ернинг табиий унумдорлигини оширади.
Суғориладиган майдонларнинг сув таъминоти чекланган шароитларида ҳам мошни кузги буғдойдан сўнг етиштириш мумкин. Сув танқис бўлган ҳудудларда мош қурғоқчиликка бардошлилиги сабабли такрорий экин сифатида етиштирилади.
Мош уруғи экилганда тупроқни ҳаддан ташқари намиқиб кетиши униб чиқишига салбий таъсир этади. Мош уруғи экилганидан сўнг оғирлигига нисбатан 90–92% нам талаб қилиб, жуда қисқа муддатларда униб чиқади.
Республикамизда мошнинг Победа–104, Радость, Наврўз, Каҳрабо, Дурдона ва бошқа навлари экилади. Мошни кузги бошоқли, донли экинлар, картошка, маккажўхори экинларидан бўшаган ерларга экиш мақсадга мувофиқ.
Мошни экиш учун кузги буғдой ҳосили йиғиштириб олингандан сўнг дала сомондан тозаланади ва енгил суғорилади. Тупроқни етилиши билан культиваторлар ёрдамида 14–16 см чуқурликда юмшатилгач мош уруғини экиш мумкин.
Мош такрорий экин сифатида июнь ойининг охири-июль ойининг бошларида кенг қаторлаб экилади. Ўсув даври давомида тупроқ-иқлим шароитларига қараб 1–3 марта суғорилади. Мош ўсимлигини гуллаш ва дон тугиш даврларида сувга бўлган талаби юқори бўлади. Бегона ўтлардан тозалаш мақсадида ўтоқ қилинади ва қатор оралари чопиқ килинади. Экиш олдидан гектарига соф ҳолда 40–60 кг фосфор ва 20–40 кг калийли ўғитлар солинади. Шоналаш ва гуллаш даврларида 30–40 кг азот, 20–30 кг фосфор ва 10–20 кг калийли ўғитлар билан озиқлантирилади. Агар азотли ўғитлар меъёридан ошиб кетса, ўсимлик биологик азотни ўзлаштирмайди.
Мошнинг дуккаклари пишиб етилган вақтда танаси, барглари ва бошқа қисмлари яшил ҳолатда бўлади. Бу эса дон ҳосилини тўғридан-тўғри комбайн билан йиғиштириб олиш имконини бермайди. Шу сабабли мош етиштирадиган хўжаликларда кўпчилик ҳолатларда мош ҳосилини йиғиштириб олишда дуккакларининг 70–80 фоизи етилганда, эрталабки кезларда қўл кучи билан йиғиштириб олиниб, ёйиб қўйилади ва қуритилади, сўнгра янчилади.
Манба: agro.uz
[print-me]