Чорва моллари боқиш

Чорва молларини тўғри боқиш уларнинг ўсиши, ривожланиши ва маҳсулдорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Кимёвий таркибига кўра тўла қимматли ва тўйимли озуқалар билан боқишга молларни тўғри озиқлантириш дейилади. Физиологик жиҳатдан тўла қимматли деганда молларнинг физиологик ҳолати (бўғозлиги, соғин даври, сутдан чиқарилганлиги, маълум мақсад асосида боқилиши ва б.), ва уларнинг ёши, вазни, жинси, маҳсулдорлик даражасини ҳисобга олган ҳолда озуқа миқдорига бўлган эҳтиёжини тўла таъминлаш тушунилади. Агар моллар сифатсиз озуқа билан нотўғри боқилса, уларнинг маҳсулдорлиги пасайиб кетади, соғлиги ёмонлашади, ёш моллар ўсиш ва ривожланишдан тўхтайди.

Тўла қимматли озуқалар чорва маҳсулдорлигини оширади, ўсиш ва ривожланишини тезлатади, серпуштлигини яъни соғлом ва йирик насл олинишини таъминлайди.

Чорва молларига озуқалар норма асосида берилиши керак. Мол организмининг озуқа моддаларига бўлган талабини қондириш учун сарфланадиган ем-хашак миқдори озуқа нормаси дейилади. Рацион озуқа нормаси асосида молларга бир суткада бериладиган ем-хашак миқдоридир. Рацион чорванинг органик моддаларга бўлган эҳтиёжини қондирадиган ва маҳсулдорлигини ошишига, физиологик ҳолатини яхшилашга қаратилган бўлиши керак.

Рацион тузишда биринчи галда арзон ем-хашакдан унумли фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, рацион молларнинг турига, ёшига, наслдорлигига, физиологик ҳолатига: бўғозлиги, ориқ-семизлиги ва ҳоказоларга, шунингдек маҳсулот биологик хусусиятларига боғлиқ ҳолда тузилади. Булардан ташқари, ҳар бир хўжаликнинг табиий, иқтисодий ишлаб чиқариш хусусиятлари ҳам ҳисобга олиниши керак. Рацион барча турдаги мол ва паррандалар учун тузилади ва вақти-вақти билан таркиби ўзгариб тузилади. Рацион бир суткага, 10 кунга, 1 ойга ва бир фаслга мўлжалланиб, хўжаликда ҳақиқатда бор бўлган озуқалардан тузилади.

Рацион тузишда моллар гуруҳини, маҳсулдорлик йўналишини ёки физиологик ҳолларини олиб, ем-хашак таркибидаги протеин, кальций, фосфор, каротин каби муҳим элементлар миқдорига алоҳида эътибор берилади. Молларга бериладиган ем-хашак турлари озуқа бирлиги, яъни 1 кг сулининг мол организмига бериладиган қуввати асосида белгиланади.

Шундай қилиб, чорва учун бериладиган ем-хашак уларнинг ўсишини, ривожланишини ва кўпайишини, ҳамда маҳсулдорлигини тобора ошишига қаратилган бўлиши керак.

Манба: agro-olam.uz

[print-me]

Related posts

Чорва молларини ташиш қоидалари

Қутуриш касаллиги хавфи ва профилактикаси

Қуёнларни бўрдоқига боқиш бўйича тавсиялар