Брокколи – карамдошлар оиласига мансуб, бир йиллик ўсимлик бўлиб, гулкарамнинг ўзгарган тури ҳисобланади. Мамлакатимизда брокколи ноанъанавий, кам тарқалган сабзавот экинларига киради. Уни айрим ҳаваскор сабзавотчилар чекланган миқдорда етиштириб, супермаркет ҳамда бозорларга етказиб беришади.
Брокколли гулкарам каби гул тўпламлари озиқ-овқатга ишлатилади. Унинг гул тўпламлари гулкарамникига ўхшаш, лекин ранги тўқ яшил сиёҳранг, кўк ва айрим навлари оқ тусли бўлиши мумкин.
Брокколи гулкарамидан пояда кўплаб ён шохлар ҳосил бўлиши ва уларда кичик гул тўплам шакллантириши билан ажралиб туради. Бу ўз навбатида ҳосил етиштириш даври давомийлигини узайтиради.
Шунингдек, брокколи гулкарамидан фарқланиб, эртапишарлик, тупроқ унумдорлигига жуда ҳам талаби юқори эмаслиги ва совуққа чидамлилиги, етиштириш осонлиги каби хусусиятлари билан ажралиб туради. Таркибида кўплаб озуқа моддалари бўлиши ҳамда юқори биологик фаоллиги билан бошқа карамлардан устундир.
Брокколи карамини бошчалари ва ёш поялари янгилигича ва қайта ишланган ҳолда ишлатилади. Уларни ёш шохчалари қайнатилиб, қовурилган ҳолда шўрваларга солинганда жуда мазали бўлади. Турли таомларга ишлатишдан олдин броколлини йўғон поялари олиб ташланиб, шўр сувда қайнатиб олинади. Унинг ёш барги ва ўзаги турли таомлар тайёрлашда фойдаланилади. Брокколини янги, ёш барглари мазаси исмалоқ, баргли карамлар мазасига тенглаштирилади.
Брокколидан кўплаб таомлар тайёрлаш мумкин. Жумладан, брокколи солинган қўзиқоринли салат, ўсимлик ёғи солиниб тайёрланган брокколи салати ва бошқалар. Унинг маҳсулоти бошқа карамларга нисбатан тез ҳазм бўлиши билан ажралиб туради. У енгил ўзлаштириладиган оқсилга бой (3,2–4,5%) бўлиб, миқдорига кўра картошка, ширин жўхори ҳамда исмалоқдан устун туради. Ундаги оқсил таркибида антисклеритик модда ва метионини (4мг/100 г) бўлиши организмда холестеринни кўпайиб кетишига тўсқинлик қилади.
Брокколи таркибида витаминлар, ҳамда минерал тузлар ва бошқа биологик фаол моддалари мутаносиблиги турли ёшдаги инсонлар учун жуда муҳим пархез маҳсулот эканлигидан далолат беради. Унинг маҳсулотидан нурланиш касалликларини даволашда самарали фойдаланиш мумкин.
Карамнинг бу тури бошчалари таркибида йоднинг биологик шакллари мавжуд. Шунинг учун у қалқонсимон безга бу элементни радиоактив изотопларини тушишига тўсқинлик қилади.
Брокколи ёш болалар, ҳомиладор аёллар ҳамда атеросклерозга мойил бўлган кексалар учун жуда фойдалидир. Ундан соғлом соч толаларини тиклашда, тери ва суяк тўқималарини шаклланишида қўллаш яхши самара беради.
Манба: agro.uz
[print-me]