Беданалар касаллиги асосан уларга масъулиятсизлик билан қараш, сифатсиз озиқлантириш, ёмон сақлаш ва асраш натижасида вужудга келади. Масалан, беданалар ниҳоят дим, зах ва нам хоналарда сақланса, уларнинг зичлигига эътибор берилмаса, ўз вақтида озиқлантирилмаса, уларнинг касалланиши эҳтимоли ортади. Бунинг олдини олиш учун бериладиган озиқлар таркиби минерал моддаларга бой бўлиши, улар таркибида А, В, Д витаминлари етарли даражада бўлиши талаб этилади.
Бедана хоналари зах, шамоллатилмайдиган ва дим булса, биринчи галда уларни нафас олиш органлар тизими касалланади ва бу ҳол уларда модда алмашинуви жараёнини ёмонлаштиради. Беданалар сақланадиган хоналарда кучли шамол ҳаракати бўлмаслиги лозим. Шунингдек хона ҳарорати меъёр даражада бўлишига алоҳида эътибор бериш керак. Хоналарда ҳаво ҳароратини ошиб кетиши ва пасайиб кетиши ҳам касалликларга олиб келади.
Касалликлар орасида авитаминоз касаллиги кўпроқ учрайди.
Айниқса A, D ва V гуруҳ авитаминози тез-тез учраб туради. Бунга асосий сабаб, организмда модда алмашинув жараёнини бузилиши, тананинг нимжон бўлиб қолиши ва касалликларга берилувчан бўлиб қолиши ҳисобланади.
«А» витаминозига учраган беданаларда иштаҳа йўқолади. Жўжалар эса ўсишдан тўхтайди. Макиёнлар тухум бермай қўяди. Куз атрофи шамоллашидан кузидан ёш томчилайди. Ҳаракат килиши сусайиб кетади. Касалликка қарши А витаминига ва каротинга бой ҳисобланган янги урилган беда, қизил сабзи, балиқ мойи бериш тавсия этилади.
«D» авитаминози организмда минерал моддалар алмашинуви бузилиши ва қуёш нури етишмаслиги натижасида юз беради. Касаллик белгилари бир қанча бўлиб, асосийлари қуйидагилар:
- иштаҳа юқолиши, оқсоқланиб қолиши;
- оёк бўғинлари ва қобирға учлари юғонлашиб кетиши;
- умуртқа поғонаси ва тумшуғи қийшайиб колиши;
- макиёнлари берган тухумининг пўстлоғи юмшоқ ва ўта нозик пардага ўхшаш бўлиши.
Бу касалликни айрим ҳолларда «рахит» деб ҳам аташади. Бундай касалликка кўпроқ жўжалар мойил бўлишади. Энг аввал рационига балиқ мойи, хамиртуриш ва минерал моддалар қўшилади. Касал беданалар очиқ ерда, тоза ҳавода сақланиши керак.
«V» авитаминози юз берса, энг аввал нерв тизимини фаолиятига путур етади. Биринчи галда бедана танасида титроқ вужудга келади. Буйни ва оёқлари шол бўлиб колади. Улар бошини елкасига ташлаб туради. Танасида қалтироқлик юз беради. Касалликни даволаш учун биринчи галда V гуруҳ витаминига бой бўлган озиқ билан таъминлаш ҳисобланади. Улар асосан хамиртуриш, ўстириб майса қилинган дон, сут, буғдой ёрмаси ва турли кўкатлардан иборат.
Булардан ташқари, беданаларда яна бир қанча касалликлар учраб туради:
- жиғилдонда ем ёки кўкат озиқлари ҳаддан ташқари кўпайиб кетиши касаллиги;
- клоака шилимшиқ пардаси шамоллаши;
- тухумдоннинг шамоллаши;
- псевдочума — тана ҳарорати 42-43°C га кўтарилиб кетади ва 1-2 кунда ҳалок бўлади;
- холера (вабо) касаллиги;
- қурт касаллиги (глистные болезни);
- тери паразита касаллиги;
Уларнинг айримларини даволаш мумкин булса, қолганларини даволаш имкони бўлмайди.
Манба: «Чорвачилик ва паррандачилик асослари», М.З.Муртазаев, А.А.Кушаков, Т.А.Алибоев