Бақлажон — шифобахш мева бўлиб, таркибида қанд моддаси, витаминлар B1 , B2 , CB ҳамда минерал тузлар кўп. Унинг доимо пўсти юпқа, ялтироқ қора ёки бинафша рангдагиси истеъмол учун танланади. Кўпинча бақлажоннинг ички қисми олинадида, бошқа сабзавотлар билан қовурилади. Саримсоқ пиёз қўшиб тайёрланган сабзавотли қийма бақлажон ичига жойланади. Cўнг қиздирилган ёғда товага бостирилади ва духовкада пиширилади. Бундай таом жуда сервитамин ҳисобланади ва танга роҳат бағишлайди.
Бақлажоннинг кўп тарқалган навлари: Аврора, Замин F1, Феруз.
Уруғ танлаш ва кўчат етиштириш
Бақлажоннинг экиладиган уруғи тоза, юқори унувчан, касалликлардан ҳоли, бутун, вазндор бўлиши зарур. Бир гектарга етарли кўчат олиш учун 0,6-0,7 кг уруғ талаб этилади. Уруғлар экиш олди сувда ёки микроўғитлар ва ўстирувчи стимуляторлар эритмасида 10-12 соат давомида ивитилади, сўнгра уруғ дорилагичлар билан ишлов берилади. Уруғлар далага яқин ерларда қуёшдан ҳимояланган кўчатхоналарга май ойи бошида 0,5-1,0 см чуқурликда экилади. Майсалар кўринишгача ҳарорат 15-20°С, кўкаргач 20-25°С да сақлангани маъқул.
Кўчатлар зарур бўлса сийраклаштирилади. Ўсув даврида озиқлантирилади, суғорилади, бегона ўтлардан тозаланади. 40-45 кундан сўнг 6-8 чинбарг чиқаргач июнь ойи охирида далага ўтқазиш учун тайёр бўлади. Кўчатлар эрталаб ёки кеч салқинда суғорилган далаларга экилади.
Ерни экишга тайёрлаш
Дала асосий экинлар қолдиғидан тозаланиб, енгил суғорилади. Етилган ер ўғитланиб, плуглар тракторга тақилиб тупроқ 22-25 см ағдармасдан ҳайдалади. Чизел-култиваторларда 10-12 см чуқурликда ва бороналар ёрдамида 5-6 см қилиб тупроқ қайта ишланади. Сўнгра кўчат ўтқазиш учун жўяклар олинади.
Экиш муддати
Юртимиз иқлим шароитларидан келиб чикиб, бақлажон кўчатларини июн ойи охири ва июл ойи бошларида экиш тавсия этилади.
Бақлажон кўчатларини парваришлаш
Ўсимликларга биринчи ишлов бериш кўчатлар тўлиқ тутиб олгач бошланади. Бунда эгат ичи, пушта ва қатордаги кўчатлар орасининг тупроғи юмшатилади. Биринчи парваришлашдан 12-15 кун ўтгач иккинчи сув берилади. Тупроқ етилгач яна бир бора чопиқ қилинади. Бунда ер бегона ўтлардан тозаланади, юмшатилади,
тупроқ кўчатнинг атрофига босилади. Бақлажон ўсимлиги яхши ривожланиб, мўл ҳосил бериши учун унинг илдизи жойлашган қатлам ҳаво билан таъминланган бўлиши керак. Бунинг учун сув эгат оралатиб қўйилгани маъқул.
Кўчатларни ўғитлаш
Бақлажон кўчатларини етиштиришда органик ва минерал ўғитлар бирга солинганда янада самарали бўлади. Бунда 20-30 тонна гўнг, 1,5-2 центнер калий-хлор, 2,3-2,5 центнер аммофос кузги шудгорлашдан олдин солинади. Бақлажон сизот суви чуқур жойлашган ерларда ўсув даври мобайнида 14–16 марта, сизот суви юзада жойлашган ерларда 10-12 марта суғорилади. Куз бошлангандан кейин экин камроқ суғорилади.
Ҳосилни йиғиш
Бақлажон ўсимлиги етилганда меваси йириклашади, пўсти тўқ бинафша рангга кириб, усти ялтираб туради. Айни шу вақтда меванинг эти нозик, тахирсиз ва уруғи қотмаган бўлади. Бақлажон ҳосили 6-7 кун оралатиб банди билан узиб олинади. Совуқ тушиши олдидан ҳосилнинг ҳаммаси, жумладан, тузлашга ишлатиладиган майда, пишиб етилмаганлари ҳам йиғиб олинади. Пишиб етилган бақлажоннинг ранги оқара бошлайди.
Манба: «Такрорий экинлар — Фаровонлик манбаи», Т.Э.Остонақулов, Н.Х.Халилов
[print-me]