Арилар қишлаши учун озуқа захирасини жамғариш

Асалари оиласининг маҳсулдор бўлиши шарбат тўплаш мавсумида қанча кўп ва сифатли озиқ жамғарилганлигига боғлиқ бўлади. Етарли ва сифатли озиқ жамғарилганда ари оилалари муваффақиятли қишлаб чиқиб, баҳорда яхши ривожланади. Ўрта Осиё минтақасида кишлаши учун ҳар бир ари оиласига 16-18 кг озиқ қолдирилади. Кузда асал озуқасининг бир қисми шакар шарбати билан алмаштирилади. Бунда шакар шарбатини арилар қайта ишлаб асалга айлантириб, инчаларга қўйиб устини беркитишга улгуришлари лозим.

Озуқа сифатида шакар шарбатидан фойдаланиш сабаблари:
  • биринчидан, шакар асалга нисбатан бир неча маротаба арзон туради;
  • иккинчидан, шакар асали билан озиқланган арилар қишлоқ хўжалиги зараркунандаси бўлган шира ҳашоратларининг ахлат тариқасида ажратган ширинсимон суюқликларидан ташкил топган қора асални истеъмол қилишдан холи бўлади.

Қишлаш давомида қора асал истеъмол қилган арилар ичкетар касалига учраб, қишдан кучсизланиб чиқади. Айрим ҳолларда жуда кўп қора асал истеъмол қилган ари оиласи бутунлай қирилиб кетади. Шунинг учун табиий асал озиғини шакар шарбати асалига айлантириш ишларини арилар ҳали ҳаракатчан пайтларида бажариш зарур. Қишлаш вақтида ҳам ҳаракатчан арилар шакарни парчалаб, танага енгил сўриладиган оддий шакарга айлантирадилар. Бу оддий шакар асалини улар уянинг ари кирадиган тешиклари қаршисидаги мумкатак ромлардан она арининг кеч кузда қўйган охирги тухумидан чиққан личинкаларнинг ўрнига қўядилар.

Кузда ташқи ҳарорат пасайганда арилар она ари тухум қўяётган уя тешикчаси қаршисидаги мумкатак ромларга тўда кўринишида тўпланиб оладилар. Қишнинг биринчи ярмида ўша уя тешиги қаршисидаги мумкатак ромлардаги шакар асалини истеъмол қилиш эвазига муваффақиятли қишлаб чиқишади.

Ўзбекистон шароитида асосан ари оилалари ётоқ уяларда боқиб, парвариш қилинади. Шунинг учун, асосий шарбат тўплаш даврида мумкатак ромларнинг ярмида асали бор ромлар ажратиб олинади. Бу ромлар алоҳида зич ёпиладиган уяларга солинади. Арихона атрофида жойлашган уяларда, вагонларда, ертўлаларда арилар кеч кузгача сақланади. Кузда ари уяси ичидаги қишлашга яроқсиз деб ҳисобланган асалли ромлар ажратиб олинади. Уларнинг ўрнига махсус ёпиқ уяларда сақланаётган сифатли гулларнинг асали бор ромлар қўйилади. Бунда алоҳида ажратиб қўйилган асалли ромларда гулчангларнинг борлигига эътибор бериш керак.

Манба: «Асаларичилик» ўқув қўлланмаси, Б.А.Қаҳрамонов, А.И.Исамуҳамедов, У.Ш.Балласов

[print-me]

Related posts

Асаларичиликда февраль ойида бажариладиган ишлар

Асаларичиликда август ойида бажариладиган ишлар

Асаларичиликда май ойида бажариладиган ишлар