Тарвузни қишга сақлаш учун қулай ҳарорат +3˚C, ҳавонинг нисбий намлиги 85% атрофида бўлиши мақсадга мувофиқ. Агар тарвузлар +0˚C ҳароратда сақланса, маълум муддатдан кейин бемаза бўлиб қолади. Тарвузлар ташиш ва сақлаш давомида пишмайди.
Тарвузларни махсус хоналарда, айвонларда тўр халталарга солиб осиб қўйган ҳолда ёки махсус стеллажларда юқорига қаратилган ҳолда 2-3 қатор қилиб, териб сақлаш мумкин.
Тарвуз ва қовун ҳаво намлиги ва ҳарорати мос бўлган хона ёки ертўлага ўхшаш жойда сақланади. Бундай хоналарга кенглиги 1,5 м дан бўлган 4-5 қаватли (50 см масофада) стеллажлар қўйилади. Стеллаж билан девор оралиғида йўлак қолдириш керак. Вентиляция системаси ўрнатиш, зарур бўлганда иситиш учун мосланган бўлиши лозим.
Полиз маҳсулотларининг сақлашга яроқлилиги кўп омилларга, хусусан, этининг структураси, кимёвий таркиби ва шу кабиларга боғлиқ. Эти қалин, таркибида пектин моддалари бор маҳсулотлар юмшоқ этлигига нисбатан узоқроқ туради. Тарвузни кўпи билан 3 ой сақлаш мумкин.
Енгил қумлоқ тупроқларда етиштирилган тарвузнинг пўчоғи қалин бўлиб, бундай тарвузлар узоқ сақланади ва транспортда ташишга яроқли бўлади.
Тарвузнинг сақлашга яроқли бўлишига суғориш ҳам таъсир қилади. Суғорилганда пўсти юмшайди. Шунинг учун тарвузни узиб олишдан 2-3 ҳафта олдин сув бериш тўхтатилади. Узоқ сақлаш учун тарвузнинг кечки навлари олинади. Тарвуз қуёшли кунларда банди билан узилади.
Тарвузлар бир-бирига текисланмаган ҳолда токчалардаги юмшоқ тўшамага бир қатор терилиб, шунингдек, турли материаллардан қилинган сумкаларда ёки қамишдан тўқилган тўрхалталарга осиб қўйилади. Кўпчилик полизчилар тарвузни ҳаво ҳарорати +1,+3˚C, нисбий намлиги 80-85% бўлган жойларда сақлашни тавсия қилишади.
Манба: mirishkor.uz
[print-me]