«Ўзгидромет» марказининг хабар беришича, февраль ойининг иккинчи ўн кунлигида ғайритабиий юқори ҳаво ҳарорати ҳисобига мевали дарахтлар, тут ва токнинг баҳорги вегетацияси ўртача кўп йиллик кўрсаткичлардан 2,5-3 ҳафта эрта бошланди. «Ўн кунликнинг биринчи ярмида республика ҳудудининг катта қисмида мевали дарахтларда ялпи куртакларнинг бўртиши ва очилиши бошланди, ўн кунликнинг охирига келиб эса эрта гуллайдиган мевали дарахтлар гуллаши кузатилди.
Республика жанубида эрта гуллайдиган мевали дарахтларнинг гуллаши февраль ойининг биринчи ўн кунлигида бошланди. Иккинчи ўн кунликнинг охирига келиб гуллаш ялпи бўлди», — дейилади маълумотда.
Маълум қилинишича, 25-27 февралда кутилаётган совуқлар мевали дарахтларнинг ёзилган куртаклари ва гулларига зарар етказиши мумкин.
Аввалроқ 23 февралда республика ҳудудига совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келади. 25-26 февралда ҳаво ҳарорати кечалари −7…−12, кундузлари −2…−7 гача пасайиши хабар берилганди.