Мамлакатимиз ҳудудида совлиқларни қўзилатиш 2 фаслда амалга оширилади. Думбали қўйчилик билан шуғулланувчи хўжаликларда қўзилатиш декабр-феврал ойларида амалга оширилади. Қоракўлчилик хўжаликларида эса март-апрел ойларида ўтказилади.
Думбали қўйлар урчитиладиган хўжаликларда аксарият қўйхона-яйлов усулида сақлаш улардан эртароқ қўзи олиш ва қўзиларни дуркун ўстириб, тоғ яйловларига кўчириш имконини беради. Асосан яйловларда сақланадиган қоракўлчиликда чўл, саҳро қийинчиликлари инобатга олиниб, қўзилатиш баҳор ойларига мослаштирилади.
Қишки қўзилатиш – ижобий усул бўлиб, қўйлар бош сони ва уларнинг маҳсулдорлигини оширишга ижобий таъсир кўрсатади. Қишки қўзилатиш учун совлиқлар август-сентябрда қочирилади. Бу вақтда қўйлар яхши семизликда бўлиб дуркун оталанади. Қисир совлиқлар сони камаяди, эгизлар сони кўпайиб, қўзилар тез ўсади. Яйлов бошланишига қўзилар тайёр бўлиб, яйловлардан самарали фойдаланиш мумкин. Кузга келиб уларнинг вазни юқори бўлиб, юқори гўшт ва жун махсулдорлигига эга бўлади.
Ёш қўзиларни ўстириш
Қўзилар ҳаётининг дастлабки кунлари фақат совлиқ сути билан озиқланади. Шу боисдан совлиқларга қўшимча яйлов ўтлари етишмаса, қўлдан қўшимча омихта ем берилади. Соғлом туғилган қўзилар кўпи билан 0,5 соат атрофида онасини эмади. Зарур бўлса қўзини онасига эмдириш керак. Янги туғилган қўзи кам сут эмади. Шунинг учун кунига 2-3 марта она-бола қилиб туриш керак. Биринчи туққан баъзи совлиқлар кўпинча қўзисини эмдирмайди, уларни алоҳида катакка қўйиб ўргангунча қўл ёрдамида эмдириб турилса, улар тез ўрганиб кетади.
Қўзиларни 3-4 кунлигида ёпиқ қўрадан очиқ қўйхонага ўтказилади. Эмизикли совлиқлар қўзилари билан илиқ (+4-+6°C) қураларда сақланади. Қўйхонада намлик ва ҳаво ҳарорати меъёрда бўлиши таъминланади. Совлиқлар қўзилари билан сакманларнинг катта-кичиклигига қараб, алоҳида қўраларда сақланади.
Эмизикли совлиқларни сақлаш осон бўлиши учун катта бўлмаган гуруҳларга – сакманларга ажратилади. Қўзилар ёшлигида сакманлар сони кўп бўлиб, кейин улар сони қисқартириб борилади. 20 кунлигида 1 сакманда 80-100 эмизикли совлиқ қўзиси билан бўлса, 1 ойлигидан кейин эса сакманда совлиқлар сони 120-150 бошга етказилади.
Манба: «Чорвачилик асослари» И.Мақсудов, Ж.Жўраев, Ш.Амиров
[print-me]