Қовун экиш ва парваришлаш бўйича тавсиялар

Жаҳон бўйича энг мазали қовунлар Ўзбекистонда етиштирилади. Халқ селексиясида қовуннинг 150 дан ортиқ нави яратилган. Ўзбекистон сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик институтида илмий селексия асосида чиқарилган ва яхшиланган 50 дан ортиқ нав маҳаллийлаштирилган. Қовуннинг эртапишар навларидан – Кўкча, Ҳандалак, Сариқ ҳандалак, Замча, Роҳат ва бошқалар машҳур. Ўртапишарларидан – Суюнчи-2, Олтин водий, Лаззатли, Олтинтепа, Кичкинтой, Оби новвот, Гурвак, Бўрикалла, Давлатбой, Тошлоқи, Даҳбеди кўпроқ етиштирилади. Кечпишар навларидан эса – Тўёна, Гурлан, Гулоби Хоразмий, Зар гулоби, Амударё, Саховат, бешак, Умрбоқий, Қўйбош ва бошқалар экилади.

Юртимизнинг жанубий вилоятларида қовуннинг эртанги навларини экиш ишлари апрел ойининг дастлабки ўн кунлигига қадар, марказий ва шимолий вилоятларда эса 15-20-апрелгача давом этади. Кечкилари эса майнинг иккинчи ярмидан бошлаб июннинг биринчи ярмигача амалга оширилади.

Бунда ҳаво ҳарорати ўртача 15-16℃ атрофида бўлиши зарур. Ундан паст ҳароратда экиш тавсия этилмайди. Чунки паст ҳароратда экилган қовун уруғи чириб қолади.

Ерни экишга тайёрлаш кузда амалга оширилади. Яъни қовун экиш режалаштирилган ерга маҳаллий ва минерал ўғитлар солиниб, 30-35 см чуқурликда ағдариб қўйилади. Баҳорда тайёр ер текисланиб, эни 210-280 см бўлган эгатлар олинади. Уруғлар эгатнинг икки томонига уялар орасини 170-200 см қилиб, 3-6 см чуқурликка экилади. Уруғ сарфи майда уруғли навлар учун гектарига 4-4,5 кг, йирик уруғли навлар учун 5-5,5 кг атрофида.

Намлик етарли бўлганда экинни дастлабки чопиқ давригача суғориш шарт эмас. Ниҳоллар 5-10 кунда тўлиқ униб чиқади. Экин яхши парвариш қилинганда эртапишар навлар 55-65 кунда пишиб етилади. Ўртапишар навлар 67-70 кунда, кечпишар навлар эса 80-90 кунда етилади.

Қовун экини ўсув даври давомида 5-6 бор суғорилади. Эрта ҳосил олиш учун иссиқхоналарда ёки очиқ далада плёнка остида кўчатидан экиб етиштирилади. Бунда ҳосил очиқ даладагидан кўра 15-20 кун эртароқ пишиб-етилади.

Етилган ҳосил тугагунга қадар 5-6 бор узиб олинади. Етилган ҳосилни кечиктириб узиш мумкин эмас, чунки муддат ўтиб кетса қовун ичидан ириб кетади.

Манба: mirishkor.uz

Related posts

Ғалла ҳосилини йиғиб олишда нобудгарчиликни олдини олиш бўйича тавсиялар

Қовун зараркунандалари ва уларга қарши курашиш

Салат барги етиштириш бўйича тавсиялар