Юртимизда кўп экиладиган нўхат навлари

Нўхат — Ўзбекистонда энг кенг тарқалган дуккакли дон экинларидан бири. Донидан турли таомлар тайёрланади, айниқса, шўрва, паловга кўп солинади. Донлари гўшт билан алоҳида димланиб ҳам пиширилади, қовурилиб дон ҳолатида ҳам истеъмол қилинади. Оқ донли навлари озиқ-овқат, қора донли навлари ем-хашак учун ўстирилади.

Республикамиз деҳқонлари томонидан кўп экиладиган нўхат навлари қуйидагилар:
  • Юлдуз нави — Ўзбекистон Республикаси «Дон» Илмий ишлаб чиқариш марказида яратилган. Лалмикорликда экиш учун Давлат реестрига киритилган. Гули оқ, йирик, якка бўлади. Дуккаги 1-2 донли, ҳосилдорлиги лалмикорликда 7,8-12,2 с/га, 1000 дон вазни 333,3-262,2 г ни ташкил этади. Ўсув даври 81 кун. Қурғоқчиликка чидамли. Донда оқсил миқдори 27,4-26,2% га тенг. Аскохитозга нисбатан чидамли нав;
  • Милютин-6 нави — Ўзбекистон Республикаси «Дон» Илмий ишлаб чиқариш марказида яратилган. Бўйи 30-35 см, 1000 дон вазни 274,1-430,0 г га тенг. Ҳосилдорлиги 8,2-12,3 с/га ташкил этади. Ўртапишар нав бўлиб, 80 кунда пишиб етилади. Тўкилишга мойил. Донда оқсил миқдори 25-26,8% га тенг. Аскохитозга бардошли нав ҳисобланади;
  • Зимистони нави — Тожикистон деҳқончилик Илмий текшириш институтида яратилган. Бўйи 24,5-27 см бўлади. Дуккагида 1-3 та уруғ бўлади. Дони учли (қўйбош). Ҳосилдорлиги 9,6-13,3 с/га, 1000 дон вазни 173,2-186,2 г га тенг. Ўсув даври 75-76 кунни ташкил этади. Оқсил миқдори 26,6-27,2% га тенг. Аскохитоз билан зарарланмайди;
  • Узбекистанская-32 — «Дон» Илмий ишлаб чиқариш марказида яратилган, 1992 йилда Жиззах вилоятининг лалмикор ерларида туманлаштирилган. Бўйи 45-49 см. Пояси узун, яшил, қалин кулранг тукли бўлади. Дуккаги ромб­симон, учи ўткир, тукли бўлади. Дони бурчаксимон, сарғиш пушти тусда бўлади. Лалмикорликда ҳосили 12,1 с/га, 1000 дон вазни 308,9 г га тенг бўлади. Ўртапишар нав, 79 кунда пишиб етилади. Донда оқсил миқдори 28,2% бўлади. Аскохитозга чидамли нав ҳисобланади.

Ҳозирда Самарқанд қишлоқ хўжалик институтида сувликда экишга мўлжалланган «Умид» нави яратилди. Ҳосилдорлиги суғориладиган ер­ларда 30-35 с/га ни ташкил этмоқда. Аскохитозга чидамли нав бўлиб, комбайн ёрдамида ҳосилни йиғиштиришга яроқлидир.

Манба: «Ўсимликшунослик», Р.О.Орипов, Н.Х.Халилов

[print-me]

Related posts

Ғалла ҳосилини йиғиб олишда нобудгарчиликни олдини олиш бўйича тавсиялар

Қовун зараркунандалари ва уларга қарши курашиш

Салат барги етиштириш бўйича тавсиялар