Тана қисмларини ўлчаб, қорамол вазнини аниқлаш

Катта ёшли ёки ёш молнинг тирик вазни асосан тарозида тортиш билан аниқланади. Агар тарозида тортишнинг иложи бўлмаса, у ҳолда мол жуссасининг оғирлиги унинг тана қисмларини ўлчаш йўли билан аниқланиши мумкин.

Клювер–Чтраух усулида молларнинг тирик вазнини аниқлаш учун ўлчов лентаси билан мол танасининг қия узунлиги (курак суякларининг елка суяклари билан қўшилган жойидаги дўмбоқлик устидан то қуймич дўмбоқларининг ташқи ўсиқларигача) ўлчанади. Cўнгра кўкрак қафасининг айланаси (курак суякларининг орқа қисмидан) ўлчаниб, олинган рақамлар бўйича жадваллардан фойдаланиб, молнинг жусса оғирлиги топилади.

Расм 1. Клювер-Чтраух жадвали

Жадвалларнинг биринчи устунида (вертикалига) молнинг кўкрак қафаси айланаси, устки қисмида эса (горизонталига) гавданинг қия узунлиги берилган. Молнинг вазнини топишда уни кўкрак қафасининг узунлигига тенг рақам жадвалнинг биринчи устунидан ва қия узунлигига тенг келадиган рақам устуннинг қисмидан топиб олинади. Сўнгра уларнинг ҳар иккаласидан олиб борилган иккита бир-бирларига перпендикулар қилиб тортилган тўғри чизиқлар кесишган жойдаги рақам молнинг тирик вазнини билдиради.

Труханов усули бўйича молнинг оғирлигини топишда дастлаб молнинг курак суяклари ортидан кўкрак қафасининг айланаси ўлчаниб, сўнгра гавдасининг тўғри узунлиги (молнинг яғринидан думнинг биринчи умуртқа поғонасигача) ўлчанади. Олинган рақамлар (ем ҳисобида) бир-бирига кўпайтирилади, сўнгра яна коэффициент
2 ёки 2,5 га кўпайтирилиб 100 га бўлинади. Ҳисоблаш қуйидаги формула бўйича бажарилади:

V=(кўкрак қафасининг айланаси×гавданинг тўғри узунлиги)x(2 ёки 2,5)/100

бунда: V – молнинг жусса оғирлиги, кг.

Серсут зотга мансуб молларнинг тирик вазнини аниқлашда коэффициент 2, сут ва гўшт ҳамда гўштдор зот моллар учун коэффициент 2,5 олинади. Шунингдек, вазни аниқланган молнинг кондицияси ўрта семизликдан юқори бўлса, аниқланган вазнига яна 5-10% қўшиб ёзилади ва аксинча, агар мол ориқ бўлса, топилган вазни 5-10%
га камайтириб ёзилади.

Ҳар иккала усул ҳам содда ва осон бўлиб, хўжалик ҳудудидан ташқари жойлашган узоқ яйловларда яратиб боқилаётган молларнинг ўсиш ва ривожланишини ўз вақтида текшириб туриш имконини беради.

Манба: «Қишлоқ хўжалик чорва молларини озиқлантириш», Б.М.Тожибоев, И.Э.Хошимов

[print-me]

Related posts

Чорва молларини ташиш қоидалари

Қутуриш касаллиги хавфи ва профилактикаси

Қуёнларни бўрдоқига боқиш бўйича тавсиялар