Қишлоқ хўжалиги маҳсулотини лабораториядан ўтказиш хизмати пуллик бўлди

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 январдаги «Ўсимликлар карантини соҳасида мониторинг юритиш ва фитосанитар дала назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ, жорий йил 1 майдан бошлаб мамлакатимизга импорт ҳамда экспорт қилинувчи мева-сабзавот ва ўсимлик маҳсулотларини лаборатория экспертизасидан ўтказиш хизмати пуллик бўлди.

Қарорга кўра, карантин остидаги экспорт-импорт маҳсулотларнинг намуналарини лаборатория экспертизасидан ўтказиш учун қилинган ҳақиқий харажатлардан келиб чиқиб, хизматлар нархларини белгилаш ва бу борада Ўзбекистон Молия вазирлиги билан келишиш қайд этилган.

Айни вақтда мазкур ўзгариш ва унинг сабаблари ҳақида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан экспорт ва импорт билан шуғулланувчи тадбиркорларга тушунтириш берилмоқда.

– Жорий йилнинг 1 майидан Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда мамлакатимизга импорт бўлувчи ҳамда экспорт қилинувчи мева-сабзавот ва ўсимлик маҳсулотларини лаборатория экспертизасидан ўтказиш хизмати расман пуллик бўлади, – дейди Ўсимликлар карантини инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Дурдона Очилова. 

– Бунда лаборатория хизматлари нархида ҳар бир намуна учун 88 минг 563 сўм миқдорида тўлов жорий этилиб, ушбу нархга кимёвий реактив ва бир марталик ишлатиладиган маҳсулотлар нархи алоҳида ҳисоблаб қўшилади. Тўлов шартнома асосида амалга оширилади.

Лаборатория таҳлиллари ва экспертизалари ишончлилигини таъминлаш ҳамда республикадаги фитосанитария ҳолатини яхшилаш мақсадида 2018-2020 йилларда Чили, Австралия, АҚШ, Янги Зеландия, Хитой, Корея ва бошқа давлатларнинг фитосанитария соҳасидаги илғор тажрибалари ўрганилди. Шу тажрибалар асосида халқаро стандартларга мос келадиган замонавий лаборатория ускуналари ва техник воситалар билан жиҳозланган Марказий карантин лабораторияси ташкил этилди ва март ойида халқаро стандартлар асосида аккредитациядан ўтказилди.

Шунингдек, ҳозирда Андижон, Фарғона, Хоразм, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент вилоятларида стационар карантин лабораториялари ташкил этилди ва миллий аккредитациядан ўтказилди.

Экспортга юкланаётган маҳсулотларни лаборатория экспертизасидан ўтказишни тезлаштириш мақсадида ҳудудий ўсимликлар карантини давлат инспекцияларида 15 та замонавий сайёр (мобил) лаборатория ташкил этилди.

Марказий карантин лаборатория ходимлари 4 нафардан 22 нафарга кўпайтирилди, ҳудудий карантин лабораторияларига эса 40 нафар ходим ишга қабул қилинди.

Манба: agromart.uz

Related posts

“Фермерлар мактаби”нинг 3-мавсумига қабул эълон қилинди

2021 йилги пахта терими нархлари белгиланди

Давлатимиз раҳбари Андижон вилояти Пахтаобод туманидаги инновацион иссиқхонани кўздан кечирди