Куркалар яйловларга ҳайдаб боқилганда табиий ўтлар ҳисобига 15–20%, табиий ўтлоқлар бўлмаган шароитда қўлдан берилган кўк ўтлар ҳисобига 18% концентрат емларни тежайди. Чунки куркалар кўкат ўсимликларни жуда яхши ейди ва ўзининг озиққа бўлган кунлик таълабини маълум даражада қондира олади.
Курка болаларини ўстиришнинг 3 хил усули мавжуд:
- Бирдан 30 кунлик бўлгунча катакларда асраб, сўнгра ўтлоқларда ҳайдаб яйратиб боқиш. Бу усулда боқиш учун йилнинг совуқ фаслида очирилган курка жўжалари 2 ойгача батареяли сехда, сўнгра иссиқ кунлар бошланиши билан яйловга чиқариб боқилади;
- Жўжа очиб чиққан кунидан бошлаб 20-30 кунлик бўлгунча батарея катакларида, кейин эса иситиладиган акклиматизаторларга ўтказилиб, полга ёйиб боқилади. Акклиматизаторлардан эса гўшт учун жадал боқиладиган хоналарга кўчирилади ва полда ёйиб боқилади. Агар қиш ойлари бўлса, хона полига қалин тўшама ёйиш керак бўлади;
- Брудергаузларда полга ёйиб боқиш. Бу усулда яйлов майдонлари бўлган жойларда яйловга чиқариб боқилади. Яйлов бўлмаган ерларда эса хона ичида боқилади.
Батареяли сехларда курка жўжалари бир кунлигидан бошлаб КБE-1 ва КБ-106М маркали батарея катакларига қўйиб боқилади. Батарея катаги 0,5м2 майдонга эга бўлиб, унга 15–18 та жўжа қўйилади. Улар 10 кунлик бўлгач, ҳар бир катакка 10 та дан қилиб сийраклаштирилади. Сех ичи иссиқ бўлиши керак. Биринчи 4 кун давомида хона ҳарорати 32-30°C, кейинги 3 кун ичида 29–28°C иссиқ сақланиши керак. Сўнгра ҳар куни 1°C дан пасайтириб бориб 21-23°C га туширилади.
Курка болаларини ўстириш товуқ жўжаларини ўстиришга қараганда анча мураккаброқ. Улар озиқни чўқиб ейишга тезда ўргана олмайди. Бир турдаги озиқни чўқишга ўргангандан кейин озиқ тури ўзгартирилиб, бошқа озиқ берилса, жўжалар уни емайди, яъни иккинчи хил озиққа яна маълум бир ватгача ўргана олмайди. Бунинг устига курка жўжалари жуда нимжон бўлади.
Улар тез шамоллайди ва хасталанади, касалликларга тез чалинади. Асраш жойларининг алмашинувига ҳам мослаша олмай, янги жойда ўзларини нотинч ҳис этади. Паррандахонага ўрнатилган механизмлар, ускуналар ва мосламаларга қийин ўрганади. Шу сабабли курка жўжалари ўстириш технологияси ўзига хос диққат-эътиборни талаб этади.
Курка жўжалари биринчи 10 кунликда кунига 8, кейин 6 мартадан белгиланган меъёр бўйича озиқлантирилади.
Бунда озиқ дастлабки 5 кун давомида катакнинг полига қоғоз устига ёйиб берилади. Кейинчалик эса ем батареянинг озиқ солинадиган охирачаларига тарқатилиб, жўжалар озиқни шу ердан чўқиб олишга ўргатилади. Озиқ рациони ва ундаги озиқлар мажмуи ҳар 10 кунда ўзгартириб турилади. Озиқ меъёри ҳам борган сари оширилади.
Манба: «Қишлоқ хўжалик чорва молларини озиқлантириш», Б.М.Тожибоев, И.Е.Хошимов
[print-me]