Ўзбекистонда мойли кунгабоқарнинг Енисей, Армавирес, Салют, Трудовая, Пионер навлари кузги дон экинларидан кейин ёзда экилганда уларнинг ўсув даври 10-12 кунга қисқаради. Улар Ўзбекистон шароитида ёзда экилганда 75-80 кунда пишиб етилади. Экиш учун тайёрланган уруғлар тўла, сараланган, калибровка қилинган, паноктин билан 200 г/с ҳисобида ишланган бўлиши талаб қилинади.
Кунгабоқарнинг Чкаловский гигант ва Вниимк 8931 навлари лалмикорликда баҳорда яшил массаси учун экилади. Суғориладиган ерларда эртапишар навлар анғизда мой олиш учун экилмоқда. Баҳорда экилганда уруғ экиладиган чуқурликда ҳарорат 8-12°C қизиганда экиш бошланади. Эртаги муддатда тупроқ 5-7°C қизиганда, экиш бошланади. Анғизга экиш 10-июндан 1-июлгача ўтказилади. Ёзда экилганда экиш муддатининг кечикиши уруғларнинг етилмай қолишига сабаб бўлиши мумкин.
Кунгабоқар қатор оралари 60, 70, 90 см қилиб экилади. Экиш СУПН-8, СКПП-12, СПЧ-6М сеялкаларида бажарилади. Уруғлар пунктирлаб экилганда оптимал озиқланиш майдонини ҳосил қилиш осонлашади. Суғориладиган ерларда кунгабоқарнинг туп қалинлиги 55-60 минг/га бўлиши оптимал ҳисобланади. Анғизга экилган паст бўйли (бўйи 0,8-1,2 м) эрта пишар навлар 75-85 минг/га қалинликда экилиши яхши натижа бермоқда.
Мойли кунгабоқарни экиш меъёри гектарига 5-10 кг, силос учун экиладиган навлариники 35-40 кг, экиш чуқурлиги 6-7 см, енгил тупроқларда 8-10 см ни ташкил қилади.
Кунгабоқар майсалари ҳосил бўлгунча қатқалоққа, бегона ўтларга қарши икки изли қилиб бороналаш ўтказилади. Бегона ўтлар кўп бўлса, майсалар униб чиққунча гербитсидлар ҳам қўлланилади. Ўсимлик 1-2 барг ҳосил қилганда қаторларга кўндаланг қилиб иккинчи бороналаш ўтказилади. Ўсимликлар жароҳатланмаслиги учун бороналаш кичик тезликда ва ўсимликнинг тургор ҳолати пасайганда ўтказилади. Қатор оралари КРН-4,2 култиваторлари билан ишланади. Биринчи култивация 6-8 см, иккинчиси 8-10, учинчиси 6-8 см чуқурликда ўтказилади. Қатор ораларини ишлаш ўсимлик бўйи 60-70 см га етганда тўхтатилади. Суғоришлардан кейин тупроқ етилиши билан қатор ораларини ишлаш яхши натижа беради.
Кунгабоқар гуллаганда асалари уяларини экинзор яқинига жойлаштириш пуч уруғлар ҳосил бўлишини кескин камайтиради. Асалари уяларининг 1-2 донасини 1 гектарга жойлаштириш уруғ ҳосилини 1-1,5 центрнерга оширади.
Кунгабоқар уруғларининг экинзорда 90 % сариққўнғир, қўнғир тусга кириб, саватчалар қуриб, уруғ намлиги 12-14 % га етганда ҳосил йиғиштиришга киришилади.
Манба: «Ўсимликшунослик», Р.О.Орипов, Н.Х.Халилов
[print-me]