Кокцидиоз (эймериоз) – асосан ёш қуёнларда кузатиладиган ўткир инвазион касаллик. Жониворларнинг озиб-тўзиб заифлашиши, ичбуруғ, камқонлик, қорин ҳажмининг йириклашиши, томир тортишиши ва оммавий қирилиши билан тавсифланади. Бир неча турга мансуб содда организмларнинг ошқозон-ичак тизимидаги шиллиқ пардалар ва жигарнинг сафро оқими йўлида йиғилиб қолиши билан юзага келади. Ушбу касаллик йилнинг илиқ ва сернам кезларида жадал қўзғалади.
Касаллик жараёни ва аломатлари
Ёш қуёнчаларнинг иштаҳаси йўқолади, ўсиш ва ривожланиши сустлашади. Дефекация тезлашади, нажаси қон ва шилимшиқ аралаш чиқади. Қорни ва жигари катталашиб кетади. Қуёнларда томир тортишиш, бошини орқага ташлаш, орқа оёқларини чўзиб, олд оёқлари билан сузиш ҳаракатларини бажариш ҳолатлари кузатилади. Катта ёшдаги қуёнларда ҳам сурункали юз бериб туриши кузатилади.
Даволаш усуллари
Касалланган қуёнларга сульфадиметоксин ёки сульфапиридазин (100 мг/кг) тайинланиб, орада 3 кунлик танаффус билан ҳар бири 5 кундан давом этадиган 2 босқичда мономицин билан уйғунлаштирилади. Таркибида кокцидиостатик моддаси мавжуд премикслар емга аралаштириб берилганида даволаш самарадорлиги ортади.
Касалликнинг олдини олиш усуллари
Қуёнлар катагининг пол-панжарасини тўрдан тайёрлаш, остидаги яхлит полни суткада 2 маротабадан кам бўлмаган тарзда гўнгдан тозаланиб туриш лозим. Тегана ва сувдонлар доимо тоза тутилиши керак. Парвариш асбоблари ва катаклар пайвандлаш лампасининг олови билан бир сидирға қиздириб чиқилиши лозим.
Аксарият юқумли касалликларнинг олдини олувчи восита – карантиндир. Бунда сотишга ажратиб қўйилган ёки қуён бошини кўпайтириш ниятида харид қилинган қуёнларни бир неча кун карантинда боқиш керак. Янги қуёнларнинг эҳтимолий касалликларини аниқлаш мақсадида қуёнбоқар ихтиёрида бир нечта алоҳида катаклар бўлиши лозим. Ушбу катаклар сони қуёнлар сонига боғлиқ.
Манба: «Томорқа хўжалигида қуёнчилик», Долимов Ш.З.
[print-me]