Юртимизда кўпайтириладиган кабутар зотлари

Кабутарлар — қушлар синфининг кенжа туркумига киради. Шунингдек бу туркумга мусича, ғуррақ қумрилар ҳам киради. Кабутарларнинг 250 тага яқин тури бор. Бу турдаги қушлар Арктика ва Антарктидадан ташқари барча қитъаларда тарқалган. Улар ўрмонларда, боғ, бутазорда, чўл, тоғларда, шаҳар ва қишлоқларда яшайди.

Кенжа туркумга мансуб қушлар бир-бирларидан катта-кичиклиги ва ранги билан фарқ қилади. Энг кичиги Марказий Африкада тарқалган, бўйи 10-15 см бўлган митти кабутар. Энг каттаси эса Янги Гвинеяда яшайдиган, бўйи 80 см бўлган тожликабутардир.

Кабутарнинг боши кичиқ оёқ ва бўйни қисқа, қаноти узун, пати ва парлари эса қалин бўлади. Донхўрларининг тумшуғи ингичка ва кучсиз, мевахўрлариники кучли ва қайрилган кўринишда бўлади. Кабутарларда жиғилдон яхши ривожланган. Қушларнинг баъзи турлари колония, бошқалари жуфт-жуфт бўлиб яшайди. Уясини дарахт коваклари ва инларига, жар, қояларда ясайди. Кабутар йилига 2-5 марта кўпаяди, ҳар гал 1-2 тадан тухум қўяди. Тухумларни босиб ўтиришда ва полапонни боқишда урғочи ва эркаги бирдай қатнашади. Тухумлардан 14-30 кунда жўжа очиб чиқади, сўнг 20-25 кунда учирма бўлади.

Кабутарлар 2 та оилага бўлинади:
  • биринчиси XVI асрда қирилиб битган дронталар. Улар Маврикия, Бурбон ва Родригес оролларида яшаган, учолмайдиган катта қушлар бўлган;
  • иккинчиси кабутарлар бўлиб, булар бир қанча уруғларга бўлиниб кетади.

Ўзбекистонда кабутарларнинг 8 турдагилари учрайди. Асл кабутарлар уруғидан бизда кўк ёки ёввойи кабутар, тоғ кабутари, қора кабутар, клинтух ва гов кабутар учрайди. Ғурраклар уруғидан эса ғуррак, катта ғуррак қумри ва мусича учрайди. Асосан, кўк кабутар кенг тарқалган. У хонаки кабутарларнинг насл боши ҳисобланади. Гов каптар ва кўк кабутар қисман овланади.

Кабутарнинг гўшти мазали бўлади. Бизда учрайдиган кабутарлар ўсимлик уруғлари билан озиқланади. Кабутарларнинг хат ташийдиган почталён зоти яхшилаб борилмоқда. Гўштдор зотли кабутарларнинг бир жуфтидан бир йилда 8-9 кг гўшт олиш мумкин. Буқоқли, соқолли, кокилли, серсавлат зотлари фақат ҳаваскорликка кўпайтирилади.

Манба: «Чорвачилик ва паррандачилик асослари» М.З.Муртозаев, А.А.Кушаков, Т.А.Алибоев

[print-me]

Related posts

Курка жўжаларини кўкатлар билан озиқлантириш бўйича маслаҳатлар

Қиш мавсумида паррандаларни уй шароитида парваришлаш

Қиш фаслида товуқ тухуми нега камаяди?