Иссиқхоналар қачон ёпилади?

Иссиқхоналар ичидаги дарахт ва ўсимликларни қишки совуқлардан сақлаш учун селофан плёнкалар билан ёпилади. Селофан плёнкалар қуёшдан келаётган иссиқликни иссиқхона ичига 2-3 баробар орттириб узатади.

Иссиқхона устини беркитиш иссиқхона ичидаги экин турига қараб ҳар хил вақтларга тўғри келади. Масалан: кузги бодринг, помидор каби экинлар экилган иссиқхона сентябр ойининг охирги ўн кунлигидан бошланади. Бу пайтга келиб кузги бодринг ва помидорлар шоналашни ва гуллашни бошлайди. Укроп, кашнич, исмалоқ ва шу каби кўкатлар экилган иссиқхона эса, об-ҳаво шароитига қараб, кейинроқ ёпилса ҳам бўлади. Чунки ҳаво ҳарорати юқори бўлган даврда ёпилган иссиқхонадаги кўкат экинларнинг ўсиши тезлашиб кетади. Натижада ўсимлик тезда уруғлаб, кўкат ҳолида истеъмол қилиб бўлмай қолади.

Куз ҳавоси ўзгарувчан бўлганлиги учун баъзи йиллари октябр ойида ҳам ҳаво ҳарорати юқори бўлиши мумкин. Юқори ҳароратда эса гуллар ва янги тугилган мевалар тўкилиб кетиши мумкин. Ҳосил нобуд бўлишини олдини олиш учун иссиқхона юқорисининг икки чети ҳамда эшик ва ромлари очиб қўйилади.

Иссиқхона плёнкаси устига суюқ лойқа тайёрлаб сепилса, иссиқхона ҳароратининг ҳаддан ортиқ қизиб кетишидан сақлайди. Ҳосил нобуд бўлишининг олди олинади.

Лимон, мандарин каби мевалар экилган иссиқхона эса, ўрта ҳисобда октябр ойининг ўрталаридан бошлаб ёпилади. Ўзбекистонда қиш фасли анча совуқ бўлгани учун иссиқхоналар баъзан икки, баъзан уч қават қилиб ёпилади. Иккинчи қават плёнка ноябр ойининг дастлабки ўн кунлигида ёпилади.

Икки қават ёпиш термос усули дейилиб, бунда биринчи қават устига похол, барра ўт ва поя кабилар ёйилиб, сўнгра иккинчи қават ёпилади. Қишки совуқларнинг бу икки қаватдан ўтиши 2-3 марта камаяди. Бунда похол қалинлигининг меъёрига этибор бериш лозим. Яъни похол иссиқхона томининг 60-70% қисмигагина ёйилиб, қолган қисми очиқ қолдирилади. Чунки ўсимликнинг ёруғликка бўлган талабини чеклаб қўймаслик лозим.

Лимон, мандарин ва апелсин дарахтларининг совуққа чидамлилиги деярли бир хил бўлгани учун, ҳеч қандай иситгичларсиз қишки совуқлардан омон сақлаш учун, учинчи қават плёнка билан ёпилади. Уни иссиқхона ичига ва декабр ойи бошланишида тортилади. Бунда ишчи кучи камида 2-3 киши бўлиши лозим.

Иссиқхона учун плёнканинг қалинлиги устки қаватлар учун 0,6 мм дан 1,0 мм гача, учинчи ички қават учун эса, 0,4-0,5 мм қалинликда бўлиши зарур.

Манба: mirishkor.uz

Related posts

Ғалла ҳосилини йиғиб олишда нобудгарчиликни олдини олиш бўйича тавсиялар

Қовун зараркунандалари ва уларга қарши курашиш

Салат барги етиштириш бўйича тавсиялар