Қўйчилик чорвачиликнинг муҳим тармоғи ҳисобланади. Улардан жун, қўй-пўстин, мўйнабоп, қоракўл, чармбоп тери, сут ва гўшт олинади. Бундан ташқари уларнинг қатор сўйим маҳсулотларидан табобат ва ветеринария дори-дармонлари тайёрланади. Гўнги эса маҳаллий ўғит сифатида фойдаланилади.
Ҳисор қўй зоти — жаҳонда энг йирик зот бўлиб гўшт-ёғ йўналишига мансуб ҳисобланади. Улар асосан Ўзбекистоннинг тоғ ва тоғёнбағри ҳудудларида кенг миқёсда урчитилади. Уларнинг суяклари кучли ривожланган, мустаҳкам, оёқлари узун, боши дўнг пешонали бўлади.
Қўчқорлари асосан тўқол бўлиб, ўртача 130-140 кг вазнга эга бўлади. Энг оғирлари 170-188, совлиқлари 80-85, аксарияти эса 90-95 кг тош босади. Махсус бўрдоқиланган бичмалар 190 кг гача тош босади. Улар сўйилганда 50 кг соф думба олиш мумкин, унинг узунлиги 45-50 см ни ташкил этади.
Қўзилари 6 ойлигида 65кг вазнга эга бўлиб сўйим чиқими 48-56% ташкил этади. Уларнинг гўшт толалари анча йўғон бўлади.
Ҳисор қўйларининг танаси чуқур ва кенг, думғазаси тўғри ва узун бўлади. Қўчқорлари ва совлиқлари шохсиз бўлади. Туси асосан тўқ қўнғир бўлиб, жуни дағал ва сийрак бўлади. Ҳаммаси бўлиб қўчқорларидан 2 кг, совлиқларидан 1,2-1,5 кг жун қирқиб олинади. Ҳисор қўйларининг нафақат боши ва оёқлари қопловчи қаттиқ жун билан қопланиб қолмасдан, балки бўйнининг ва қорнининг таги ҳам шундай жун билан қопланган.
Ҳисор қўйлари асосан Сурхондарё вилояти хўжаликларида урчитилиш билан бирга Республика қишлоқ хўжалиги вазирлигининг топшириғига асосан бошқа вилоятларда жайдари қўйларни такомиллаштиришда фойдаланилмоқда.
Манба:«Чорвачилик асослари», И.Мақсудов, Ж.Жўраев, Ш.Амиров
[print-me]