Бузоқларни парвариш қилиш

Янги туғилган бузоқ туғилганидан 40-50 дақиқа ўтганидан сўнг ўрнидан туриб эмишга ҳаракат қилади. Янги туғилган бузоқчаларга туғилганидан дарҳол ўвиз сути берилади. Биринчи куни 1,5-1,7 литр, кейин 2-3 литр ўвиз сути берилиши лозим. Ўвиз сутини ичган бузоқчалар соғлом, бақувват бўлиб тез ўсади. Чунки ўвиз сути таркибида оқсил, витаминлар, зарур бўлган минерал моддалар кўп бўлади. Бузоқчалар дастлабки бир ҳафта она сигир сути билан боқилади, бир кунда 2,8-3,0 литр сутни ичади. Бузоқчаларга 10 кунлигидан бошлаб, барра кўк ўтлар бериш мумкин. Яна озгинадан илдизмевалар, донли озуқалар, беда кўк ўти бериб борилади. Улар она сутини 4-5 ойгача эмиши мумкин. Аммо 3 ойлигидан бошлаб, қўшимча озиқларга ўргатиш лозим. Сигир сутини тежаш учун соя ва бошқалардан сут тайёрлаб бузоқларга ичирилади. Келгусида сут берувчи зотдор сигир ёки юқори насл берувчи ҳўкиз учун ажратиладиган бузоқлар албатта онасини узоқ вақт эмиши керак.

Бузоқларни боқиш ва парваришлашни бир қанча усуллари мавжуд:

Биринчи усул — бузоқларни онасидан ажратиб боқиш. Бу усул асосан барча сут-товар фермаларида ва айрим илғор фермер хўжаликларида қўлланиб келинаётган прогрессив усул ҳисобланади. Бунда бузоқлар туғилган кунидан бошлаб 5-10 кун давомида ўз онасининг ўвиз сутидан бахраманд бўлади. Сўнгра улар махсус бўлмаларга олинади ва гуруҳлаб боқилади.

Ўвиз сути биринчи марта бузоқлар туғилганидан сўнг 1-2 соат ўтгач 1-1,5 литр миқдорида берилади. Озиқлантиришдан олдин бузоқларни лаблари, бурни ва юзи яхшилаб артилади. Янги туғилган бузоқларга дастлабки кунлари ўвиз сути махсус резинка сурғичлар ёрдамида кунига 5-6 марта берилади. Бунда бузоқлар ҳамма вақт бир хил миқдордаги сутни якка ҳолда олиши мумкин. Бериладиган увиз сути ёки соғиб олинган сутнинг ҳарорати 37°C, тоза ва сифатли бўлиши мақсадга мувофиқдир. Агар туққан сигирнинг елини касал бўлса ёки сутининг сифати талабга жавоб бермаса, у ҳолда бир вақтда туққан сигирларнинг сути ичирилади.

Иккинчи усул — ажратиб эмиздириб боқиш. Бу усул энг қадимги усул бўлиб, бунда сигирни соғишдан олдин, соғиш вақтида ва сут соғиб бўлингач, сигир ёнига унинг бузоғи қўйиб юборилади. Сигири бўлган барча хонадонлар ҳам шу усулда бузоқ боқадилар ва парвариш қиладилар.

Учинчи усул — «энага» сигирларга бириктириб боқиш. Бунинг учун ўз оналаридан ажратиб олинган бузоқлар 2 тадан 4 тагача қилиб соғишга яроқсиз ёки қари сигирларга бириктириб қўйилади. Бузоқлар ўз «энагасини» 2-3 ой мобайнида эмиб ўсади ва ривожланади.

Бириктирилган бузоқлар сони «энага» сигирларнинг сут маҳсулдорлигига боғлиқ. Эмизиш учун режалаштирилган сигирлар бир гуруҳ, бузоқни эмизиш даври тугаши билан янги гуруҳ бузоқларни қабул қилади. Шундай қилиб, сут маҳсулдорлиги 3000-3500 литр бўлган сигирлар бир лактасия даврида 8-10-12 та бузоқни эмиздириб, боқиб беради.

Тўртинчи усул — оналарига узлуксиз эмиздириб боқиш. Бу усул асосан гўшт йўналишидаги қорамолчиликда қўлланилади. Бунда сигирлар деярли соғилмайди. Пода шароитида ёш бузоқлар 6-8 ойлик бўлгунча фақат онасини эмиб ривожланади. Агар талаб этилса бир сигирга 2 та бузоқни ҳам бириктириб боқиш мумкин.

Бузоқлар олти ойлик бўлганида эркаклари урғочиларидан ажратилган ҳолда махсус хоналарда боқилади.

Бунда 4 гуруҳ ташкил этиш назарда тутилади. Биринчи гуруҳда бузоқлар 9 ойлик бўлгунча боқилади. Иккинчи гуруҳда 9 ойликдан 12 ойлик бўлгунча боқилади. Учинчи гуруҳда 12 ойдан 18 ойлик бўлгунча боқилади. Тўртинчи гуруҳда 18 ойлик ғунажинлар икки ёшли бўлгунча боқилади. Бузоқлар хўжалик учун белгиланган усулда боғлаб ёки боғламасдан боқилади.

Насл олиш учун мўлжаллланган эркак бузоқларни ҳисобга олмаганда барча гуруҳдаги бузоқларга 8-9 ойлигидан бошлаб кўп миқдорда сомон, силос ва илдизмевалар бериб боқилади. Бузоқларни боғлаб боқишда уларга суткасига 3 марта ем-хашак берилади.

Кўпгина хўжаликларда олиб борилган кузатишларга қараганда кўрсатилган меъёрларда боқилган бузоқлар соғлом, бақувват ва юқори маҳсулдор бўлиб етишади. Бузоқларни сунъий сут билан боқиш 180-200 литр сигир сутини тежаш имконини беради. Ем-хашакнинг сифати қанча паст, таркибида кимёвий элементлар, айниқса протеин кам бўлса, бузоқларни семириш учун шунча кўп озиқ сарфланади. Бузоқлар соғлом ва бақувват бўлиб ўсиши учун уларни узлуксиз ош тузи билан таъминлаб туриш тавсия этилади. Бунда 1-6 ойлик бузоқларнинг ҳар 100 кг вазни хисобига 12 г, 6 ойликдан бошлаб 10 г дан ош тузи бериш талаб этилади.

Манба: «Чорвачилик ва паррандачилик асослари» М.З.Муртозаев, А.А.Кушаков, Т.А.Алибоев

[print-me]

Related posts

Чорва молларини ташиш қоидалари

Қутуриш касаллиги хавфи ва профилактикаси

Қуёнларни бўрдоқига боқиш бўйича тавсиялар