Бодринг ўсимлиги иссиқхонада ўсиши даврида озуқа элементлари ва тупроқ эритмаси концентрацияси мутаносиблигини ушлаб туриш лозим. Кўчатни экиб бўлгандан кейин юқори сифатли иссиқхона тупроғи тезда озуқанинг зарурий унсурлари билан ўсимликни тўлиқ таъминлайди.
Шунинг учун биринчи ойда илдиз тизими ривожланади. Бодринг мевалари ўсиши бошлангунча ўсимликлар тупроқдан етарли миқдорда керакли моддаларни олади. Унумдор бўлмаган ерларда ўсимлик ўзини тутиб олиши билан 12-15 суткадан кейин қўшимча озиқлантирилади. Бу вақтда экишга қадар тупроққа солинган асосий элементларнинг миқдори камаяди. Уларни ўсимликлар томонидан истеъмол қилиниши эса ортади.
Озиқлантиришда ўғитларнинг меъёри ва нисбатини аниқлаш учун ҳар 2 ҳафтада тупроқдан наъмуна олиб тахлил қилинади.
Олинган маълумотларга мувофиқ, моддаларнинг керакли миқдори солинади. Бир марта қўшимча озиқлантириш учун бодринг экинининг илк ёшида минерал моддаларнинг юқори меъёри 1 м кв майдонга 7,0 г ни ташкил қилади.
Бодринг экини тупроқ эритмасининг юқори концентрациясини кўтара олмайди. Шунинг учун бу кўрсатгич 0,7% дан юқори бўлмаслиги керак. Қўшимча озуқани 10-15 кундан сўнг эритма ҳолида суғориш билан бирга амалга ошириш мумкин.
Дастлаб 10 л сувга 30-40 г ўғит аралашмаси, интенсив ҳосил бериш пайтида 70-80 г дан берилади. Қўшимча озуқани оз-оз миқдордан тез-тез бериш керак. Тўғри ўғитланган тупроқлар юқори даражада тўйинтирилган қўшимча озуқага муҳтож эмас.
Озуқа моддаларга ва намликка эҳтиёж қуёш нурлари мўл бўлганда сезиларли даражада ортади. Илдиз тизимининг фаолияти сусайганда, бодрингнинг илдиздан ташқари озуқаси қўлланилади. Азот миқдори 5-8 г, калий 7-8 г ва фосфорнинг 10-12 г концентрациясида бўлган ўғит 10 л сувга қўшиб берилади. Уни ўсимлик баргларига булутли кунларда ёки қуёшли кунларда куннинг иккинчи ярмида иссиқхона ҳарорати пасайгандан кейин пуркаш керак.
Алоҳида қўшимча озуқа микроэлементлар билан 10 л сувга 10 мл оналик эритмасини қўшиб берилади. Оналик эритмаси таркибида 7-12 г марганец сулфат, 8-10 г борат кислота, 2 г мис сулфат, рух сулфат, кобалт сулфат ва 1 г молибден алюминий тузи қўшилади. 10 сотих майдонга тайёр озуқанинг 250-300 л эритмаси тўғри келади.
Манба: mirishkor.uz
[print-me]