Бодринг ниҳолларининг униб чиқишини тезлаштириш ва ҳосилдорликни ошириш учун уруғни олдиндан тайёрлаб қўйиш керак. Бунинг учун экиладиган уруғлар сифатига эътибор берилади. Бодринг уруғларини 8-10 йилга қадар яхши сақлансада, 3-4 йил сақлангани яхшироқ самара беради. Тажрибалар шуни кўрсатадики, бундай уруғлардан чиққан ниҳоллар секин ривожланишига қарамасдан, эрта гуллайди ва оналик гуллари кўп бўлиб, серҳосил бўлади.
Агар уруғ бир йиллик бўлса, уни термостатда 60% дан ошмаган иссиқликда 2-3 соат қиздириш керак.
Сифатли уруғларни саралаб олиш учун уларни 35% ли намакоб сувга солинади. Мағзи тўла уруғлар сувга чўккандан сўнг, эритма тўкиб ташланади ва уруғлар тоза сувда ювилиб, қуритилади. Тажрибаларда кўрилишича қуруқ ҳолда қиздирилган уруғларнинг униб чиқиши яхши, оналик гуллари миқдори кўп бўлиб, ҳосилдорлик 14% гача ортган.
Агар уруғ бутун қиш давомида 25-30℃ ҳароратда сақланган бўлса, уни қиздирмасдан экиш мумкин. Уруғларни униб чиқишини тезлаштириш учун ва зараркунандалардан ҳимоялаш учун уруғлар тоза сувда 1-2 кун ивитилади. Cўнгра уруғ сувдан олиниб, селгитиб, ёғоч кули билан яхшилаб аралаштирилади. Чунки ёғоч кулида 30 га яқин микроэлементлар мавжуд.
Бодринг уруғларини 0,001 % ли (10 мг/л) ивин препарати эритмасига 24 соат бўктириб қўйилади. Бу уруғларнинг униб чиқишига, ўсиш энергиясининг 7-10% ортишига, ҳосилнинг кўпайишига сабаб бўлади.
Бодрингни очиқ майдонларда одатда 3 муддатда етиштирилади. Эртаги, ўртаги ва кечки муддатларда. Эрта ҳосил олиш учун очиқ майдонларга кўчатни ўстириб олиб, сўнгра экилади. Бу кўчатлар об-ҳаво шароити турлича бўлган ҳудудларда ҳар хил вақтда экилади. Масалан, Тошкент, Самарқанд ва Фарғона водийси вилоятларида 10-мартда, Сурхондарё вилоятида эса 20-февралда экилади. Бу уруғлардан 25-30 кун ичида 6-8 баргли кўчатлар тайёр бўлади ва очиқ майдонларга тупроқ қизиб, совуқлар камайгандан сўнг экилади.
Манба: mirishkor.uz
[print-me]