Бедана тухумларидан жўжа олиш учун уларни оддий инкубаторга қўйиш тавсия этилади. Унда ҳарорат 37,5°C, нисбий намлик 60% бўлиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Инкубатордаги тухумлар орадан 5 кун ўтгач биринчи марта назорат қилинади. 13-15 кунлигидан инкубатордаги ҳарорат 37,2°C, нисбий намлик эса 55% га туширилади. Инкубациянинг 16 куни охирги назорат ишлари олиб борилади. Жўжа очиб чиқиш инкубасиянинг 17-кунига тўғри келади. Бунда инкубатордаги хаво ҳарорати 37°C ва нисбий намлик 70% бўлиши меъёр ҳисобланади.
Инкубация дастлабки чиққан жўжалардан бошлаб 4-6 соат давом этади. Олинган барча ортиқча эркак жўжалар гуруҳ ҳолда бироз қоронғулаштирилган хоналарда гўшт учун боқилади. Бунда улар ўзларини тинч сақлашади ва гўштга семириши жадаллашади. Улар 40-50 кунлик бўлгач 110-140 г тош босади ва улардан олинган, тоза ҳолдаги тушкалар 70-100 г атрофида бўлади.
Бедана жўжаларини ёғочдан ясалган ва тешиклари 5х5 мм ли тўрсимдан иборат катакчаларда асраш яхши натижа беради. Дастлабки 5-7 кун давомида катак полига қоғоз тўшалади. Унга оғилча ва сув қўйилади. Сув шиша банкани тўнтариб, бирор идишга ўрнатилиши уни тоза сақлаш имконини беради.
Жўжаларни 35-40 кунлигига қадар ҳар 70 таси учун 1 м2 пол сатҳи етарли ҳисобланади. Лекин жўжалар дастлабки кунлари ерда сақланиши мумкин. Бедана жўжалари совуқ, шамол ва ҳароратни кескин ўзгаришига чидамсиз бўладилар. Бинобарин, уларга бўладиган бундай салбий таъсирларни олди олиниши керак.
Бедана жўжалари учун уларни дастлабки кунларида ёруғлик миқдори суткасига 23 соатни ташкил қилиши тавсия этилади. Кейинчалик бу кўрсаткич аста-секин камайиши мумкин. Яъни ҳар беш кунда 2 соатга камайтириш мумкин.
Бедана жўжалари жуда тез ўсади ва ривожланади. Улар 35-40 кунлигида йирик вакилларининг вазнига етиб олишади.
Жўжалар 30 кунлик бўлгач уларни жинсига кўра бир-бирларидан ажратилади. Эркак жўжаларнинг кўкрагида кулранг ёки қора доғли қизғиш-жигар ранг патлар жойлашган бўлади. Урғочи жўжаларнинг кўкрак қисмида оч рангли, юмолоқ шаклли қора доғлари бўлади.
Бир суткали жўжаларнинг вазни ўртача 5,5-5,8 г бўлсада, улар ниҳоят серҳаракат ва сезгир бўладилар. Улар тез ривожланади. Масалан, бир ой ичида улар ўз вазнларини 1,5 мартага кўпайтира олишлари мумкин. Бинобарин, уларни озиқ моддаларга бўлган эҳтиёжи хам юқори бўлади.
Жўжаларни боқишда уларни дастлабки 10 кунлигида яхши пиширилган ва майдаланган тухум, агар имкони бўлса тухумга маккажўхори, буғдой, сули ёрмаси аралаштирилган ҳолда берилса юксак натижаларга эришилади.
Озиқ аралашмаси майдаланади ва сут ёки қатиқ билан намланади. Жўжалар 3 кунлик бўлгач уларнинг рационига балиқ мойи бериш тавсия этилади. Бунда 100 та жўжа учун 0,01 г мой етарли ҳисобланади. Шунингдек, майдаланган қизил сабзи, творог, хамир-туриш ҳам бериш тавсия этилади. Жўжалар 12-14 кунли бўлгач улар рационига майдаланган шиллиққурт чиғаноқлари берилади. Шунингдек, йирикроқ қум ва ёки майда тошчалар билан таъминланади. Жўжалар кунига аввалига 6 марта озиқлантирилади, кейинчалик уни 4 мартагача камайтирилади. Сув эса доимий тоза ҳолда бўлиши керак.
Манба: «Чорвачилик ва паррандачилик асослари» М.З.Муртозаев, А.А.Кушаков, Т.А.Алибоев
[print-me]