Март ойида водий ҳудудларда ва апрел ойида тоғли ҳудудларда асаларилар оиласининг асосий баҳорги тафтиши бошланади. Баҳорда кун иссиғида (соя жойдаги ҳарорат +14˚C бўлганда) асаларилар оиласи кўриб чиқилади, ундаги озиқ заҳираси, оиланинг катта-кичиклиги ва она арининг бор-йўқлиги кўз билан чамалаб аниқланади.
Бунинг учун уянинг марказидан битта ром чиқариб кўрилади. Уяда она арининг йўлиги оила нормал ҳолатда эмаслигини кўрсатади. Озиқ (асал ва перга) етарли даражада бўлса, катта оилаларда она ари феврал ойидан баъзан январ ойидан бошлаб тухум қўя бошлайди.
Асаларичи арилар билан ишлаганда эгнига оқ ҳалат, юзига тўр кийиб олиши, асалариларни супуриб тушириш учун чўтка, кўчирадиган яшик ва унинг ичида бир нечта бўш ром бўлиши керак.
Иш бошлаш олдидан ўткир ҳидли овқат (саримсоқ, пиёз) емаслик керак. Ҳар гал қўлни ва исканани ювиш керак. Асаларилар билан тинч ишлаш лозим, кескин ҳаракатлар уларни безовта қилади.
Дориланган запас арихонага асаларилар қоқиб туширилади, улар қишлаган арихонадан ромларни искана билан тозалаб кўчирилади. Арихонада асаларилар иккала томонини қоплаб олишига етадиган миқдорда ром қолдириш керак. Агар уяларни текшираётганда арихонада тухум, ёш личинкалар борлиги аниқланса, бу ерда она ари бўлади.
Она ари бўлмаган оилаларни она ари бор бошқа кичик оилаларга қўшиб қўйиш керак. Асаларилардан бўшатилган арихоналарни кавшарловчи лампалар билан куйдирилади. Деворларини искана билан қириб, кул суви ёки ёғоч кули билан ювилади, кейин офтобда қуритилади. Қишлов вақтида арихонанинг ичида совуқда ўлган кўпгина ари бўлиши мумкин, улар ерга кўмиб ташланади.
Маълумки ёз даврида ишчи асаларилар бир ой яшайди. Қишловдан чиққан асалариларнинг ёши эса 6-7 ойдан ошади. Асаларилар организми айниқса қиш вақтида жуда қариб кетади. Қишлаган эски ишчи асалариларни баҳорда ёш арилар билан алмаштириш иши 30 кунга чўзилади. Қишлаган эски арилар қанча тез ўлса, бундай оила шунча тез кучсизланади. Шунинг учун асалари оилалари қишдан нормал чиқиши ва ривожланиши учун эрта баҳорда қулай шароит яратиш, яни уларни энг аввало, озиқа билан таъминлаш керак.
Манба: mirishkor.uz
[print-me]