Апрель – асаларилар оиласини сотиб олиш учун энг қулай вақт. Чунки бу пайтда асаларилар қишки уйқудан чиқиб бўлган, биринчи парвозини бажарган бўлади ва сиз уларнинг сифатларини тўлақонли баҳолай оласиз.
Асалари оиласини танлаш
Соғлом ва истиқболли асаларилар оиласини топиш учун таниш асаларичиларга мурожаат қилган мақул. Бундай имконият бўлмаса, яхши ривожланаётган асалари хўжалигига боринг ва асалари уяларини диққат билан кўздан кечиринг. Уядан асаларилар суст учиб чиқаётган бўлса, бу оила сизга тўғри келмайди, чунки улар фаровон эмас. Рамкалари ва ички томонида қорамтир доғлар бор уялар ҳам тўғри келмайди – бу белги қишда асалариларнинг ичи кетганлигидан дарак беради.
Она асаларини кўрсатишни сўранг. Унинг карпатча зотдан бўлгани маъқул. Бу Ўзбекистонда топиш мумкин бўлган асалариларнинг энг яхши зоти. Она ари қари эмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун уяга диққат билан қараш зарур.
Она ари ёшлиги ва оила мустаҳкамлигининг аниқ белгилари рамкаларда личинкаларнинг зич жойлашгани, эски бўлмаган ва қорайиб кетмаган уя ва қопқоқлар билан усти ёпилган тўқ рангли ячейкалар ҳисобланади. Ёш она асаларининг яна бир белгиси рамкаларда она асаларилар уясининг йўқлигида намоён бўлади.
Асалари хўжалиги учун жой танлаш
Асалари хўжалигини тинч, кучли шамол ва елвизаклардан ҳимояланган ерда жойлаштириш мақсадга мувофиқ. Агарда жой очиқ бўлса, хўжалик атрофида ўсимликлардан ҳосил қилинадиган иҳота экиш, боғ барпо этиш ёки девор ясаш ҳақида ўйлаб кўришингиз керак.
Асалари хўжалигини катта сув ҳавзалари яқинида жойлаштириш керак эмас. Чунки бу асал берадиган ўсимликлар ўсиши учун жой чекланганлигини билдиради. Шунингдек, асаларилар гул ширасини излаб сув ҳазваси устидан учиб ўтар экан, орқага қайтиш пайтида ҳалок бўлиши мумкин. Майда сув ҳавзалари, дарё ва ирмоқлар борлиги эса асалариларга ижобий таъсир кўрсатади.
Асалари хўжалиги учун жой зах бўлмаслиги керак, чунки захликдан асаларилар кўпроқ касалланади. Шунингдек асалари уялари электр узатиш линиялари ва уяли алоқа базали станцияларидан узоқда жойлашган бўлиши керак.
Манба: «Асаларичилик — бошловчи асаларичилар учун» М.К.Минзафаров, Н.А.Музафарова
[print-me]