Юқумли касалликлар эса жуда ҳавфли бўлиб, асалари оилаларига катта зарар етказиши мумкин. Шундай касалликлардан бири бу – Америка чириш касаллигидир.
Америка чириш касаллиги ёпиқ наслнинг юқумли касаллиги ҳисобланиб, уни ларве бацилласи қўзғатади. Бу микроб жуда чидамли споралар ҳосил қилади. Улар асалда қуёш нури таъсирида 4-6 ҳафтагача, қайнаб турган сувда 13 дақиқа, 100˚C гача қизитилган мумда 5 кунгача сақланади. Қуёш нури қуриган спораларни 2-3 кундан кейингина ўлдириши мумкин. Ўлган ва қуриб қолган личинкалари бор мум инлардаги споралар кимёвий моддалар таъсирига юқори даражада чидамлилик кўрсатади.
Касалликнинг тарқалиши:
Касалликнинг манбаи бу – касалланган ва нобуд бўлган личинкалар, шунингдек зарарланган асал ва пергадир. Касаллик оила ичида ва касал оиладан соғлом оилага тарқалиши Европа чириши касаллигидагидек юз беради.
Америка чириш касаллиги баҳорда пайдо бўлиб, ёзга келиб ўзининг юқори ривожланган даражасига етади. Аввало баъзи мум инлардаги айрим ва нобуд бўлган личинкалар касалланади. Ёпиқ катакларда касалланганларини соғломларидан ажратиш жуда қийин. Шунинг учун касалликнинг дастлабки бошланиш даврини асаларичи пайқамай қолади. Касаллик кенгроқ тарқалгандан кейингина у кўзга кўринади.
Касал бўлган оилалар бундай вақтда кучсиз бўлиб, ўзининг уясини яхши қўриқлай олмайди. Айниқса табиатдан олинадиган озиқ етарли бўлмай қолганда, ўзидан кучли оилалар қилган ҳужумни қайтаролмай қолади.
Касаллик белгилари:
Касаллик насли бор мум инларни текширганда аниқланади. Соғлом асалари оиласида тухумдан чиққан насл бир ёшда бўлиб, инларнинг ҳамма мум катакчаларида бўлади. Америка чириши билан зарарланган оилада мум инларни бир хил участкаларида ҳар хил ёшдаги насл жойлашиб, айрим катакчалар бўш бўлади. Мум катакчаларининг қопқоқлари, агар ичида касалланган насл бўлса, қийшайиб ичига чўкиб кетган ва тешилган бўлади. Нобуд бўлган личинкалар очқўнғир ёки тимқора рангда бўлади.
Чириб ётган личинкалар эритилган дурадгорлик елимининг ҳидини беради. Ҳали яхши қуриб улгурмаган личинкаларнинг танаси ёпишқоқ, чўзилувчан бўлиб, бир неча сантиметргача чўзилиши мумкин. Қуриган тана мум катакчанинг деворига ёпишиб қолган қобиққа айланади ва ундан қийин ажралади. Касалликнинг характерли белгиларидан бири шуки, насли бор мум инлар ичидаги наслнинг ҳолатига қараб ола-була рангда бўлиб қолади.
Америка чириши ташқи белгилари ва патологик материални лабораторияда текшириш натижаларига қараб аниқланади. Лабараторияда текшириш учун касал насл топилган мум уяни олиб борилади. Патологик материални ажратиб олиш, уни жойлаштириш ва ветеринария лабораториясига юбориш Европа чириш касаллигидагидек бажарилади.
Манба: “Асалари – фойда бари” қўлланмаси, С. Мамасотийев, Н. Ҳошимов
[print-me]