Алтерния касаллиги дарахтнинг гулларида, баргларида ва мевасида қора доғлар ҳосил қилади. Мева юзасидаги қора доғлар меванинг бозоргирлигини тушуради, гарчи ичидаги уруғлари соғлом қолсада. Баъзида эса меванинг ташқи юзаси соғлом кўринсада, касаллик меванинг ичига таъсир қилиб, анор доначаларини чиритади ва сотишга яроқсиз ҳолатга келтиради. Касалланган анор доначаларида жигарранг чириш ва замбуруғнинг кулранг-қора споруляция (споралар ҳосил бўлиши) жараёни кузатилади.
Касалланган меваларнинг ташқи кўриниши яхши кўринсада, қўл билан қоқилса, мева ичи бўшдек туюлади ва оғирлиги одатдагига нисбатан енгил бўлади. Касалланган меваларнинг пўстлоғи соғлом меваларникидан фарқ қилади ва оч қизил ёки жигар ранг қизғиш тусда бўлади. Натижада меванинг ташқи юзасида қовжираш белгилари кузатилади.
Ҳаёт даври ва таърифи:
Анор дарахтининг баргларида ва мевасининг юзасида, бу касаллик майда қизғиш-жигар ранг доғлар (диаметри 1-3 мм) пайдо бўлишига сабаб бўлади. Доғ атрофида яшил-сариқ айлана шаклдаги хошиялар ривожланади. Касаллик ривожланиши билан, доғлар бирлашади ва мева юзасининг ярмини қоплайди.
Alternaria замбуруғи ўсимлик чиқиндилари, қуриб қолган меваларда, ёки тупроқ ичида қишлайди. Замбуруғ споралари шамол, ҳашоратлар ва қушлар воситасида анор дарахтининг гулларига тарқалади.
Гуллаш даврининг сўнгги босқичи ёки мевалар ривожланишни бошлаган даврда ёмғирли ва намли об-ҳаво касалликнинг ривожланишига қулай шароитлар яратади. Замбуруғ гулларни зарарлаши билан, касаллик мевани ичига ўтади ва анор доначаларини чиришига сабаб бўлади.
1. Агротехник назорат чоралари:
Нобуд бўлган шохларни пайдо бўлиши билан кесиб боғдан олиб чиқиб ташланг. Зарарланган мевалар ёки қуриб қолган мевалар бўлса, дарахтдан олиб ташланг ва йўқ қилинг. Ҳаво яхши айланиши учун, дарахт атрофини бегона ўтлардан тоза тутинг.
Дарахтлар меъёрдан ортиқ сувда қолиб кетмаслиги учун, суғориш ишлари ва дренаж тизимини тўғри йўлга қўйинг. Дарахтларга мэёрдан ортиқ сув бериш ёки етарлича сув бермаслик, меваларни ёрилишига сабаб бўлади ва бу касаллик тарқалиши учун қулай шароит яратади.
Дарахтларингизга етарли озуқа бериб, уларни соғлом сақланг, шунда улар касалликларга яхшироқ бардош бера олишади.
Ҳосил йиғим-терим даврида, касалланган меваларни ажратинг ва соғлом мевалар билан бирга сақламанг, шунда касаллик мевани ташиш ва уни сақлаш даврида тарқалмайди. Касалланган меваларни ажратиб чиқариб ташлашни яна бир осонроқ йўли – терим даврида дарахт енгил силтанса касалланган мевалар аксарият ҳолларда тўкилади ва соғломлари дарахтда қолади.
2. Кимёвий назорат чоралари:
Касалликка қарши фунгицидларни сепишнинг юқорида келтирилган агротехник тадбирларга нисбатан самараси камроқ, шу сабабдан фунгицид ишлатишга ошиқманг, дастлаб агротехник тадбирларга кўпроқ урғу беринг.
Тиним даврида дарахтларга ва дарахт атрофидаги тупроққа олтингугурт оҳакини қоришмаси (ИСО) сепиш тавсия қилинади.
Гуллаш даврида ва ундан кейин, ҳимояловчи фунгицидлардан фойдаланинг. Одатда анор гуллари ва ёш меваларини ҳимоя қилиш бир оз мушкул, чунки анор мевасининг гул косаси (тожи) гул тўқималарини ҳимоялаб (беркитиб) туради. Шу сабабдан, препаратларни кучли босим остида қўлланг, шунда фунгицид дарахт шохлари ва меваларининг барча жойларига етиб боради.
Мис оксихлориди энг самарали фунгицид сифатида тавсия қилинади. Хлорикись меди ёки Хом (гектарига 4.0-8.0 кг) ёки Ордан (гектарига 3.0 кг) қўллашингиз мумкин. Бошқа экинларда Alternaria касаллигини назорат қилишга ёрдам берувчи ва анорга ҳам қўлланиши мумкин бўлган бошқа препаратлар бу — таркибида манкозеб бўлган (Фунгозеб, Купрофикс), пропиконазол (Тилт), тиофанат-метил (Топсин) ва азоксистробин (Квадрис).
Манба: Умид Сайфудинов (Fruit Master)
[print-me]